Яшил йўлакда илк қоидабузарлик аниқланди: 100 млн. сўмдан ошиқ тилла ушланди

0
38

Тошкент халқаро аэропортида “Яшил” йўлак орқали ноқонуний тилла тақинчоқлар олиб киришга уринган илк қоидабузарлар фош қилинди

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди.

Яратилган имкониятлардан ўз шахсий манфаатларда фойдаланиб, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида яшил йўлак орқали тилла ва заргарлик буюмларини олиб ўтишга уринган илк қоидабузарлар тўхтатиб қолинди.

Истамбулдан учиб келган фуқаро Ф.Юлдашеванинг божхона чегараларини яшил йўлак орқали кесиб ўтаётиб, ўзини тутиши ва безовталаниши божхоначиларда бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Қаранг-ки, Ф.Юлдашева аёллар сумкасидаги пардоз упаси қутиларига ва эгнидаги кийими чўнтакларига 263 гр. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини яширгани фош бўлди.

Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати 67 млн. сўмдан ошади.

Айни шу рейс бўйича парвозини якунлаган фуқаро Ғ.Толибов ҳам яшил йўлак берган имкониятдан ғайриқонуний мақсадда фойдаланиб қолишга уринди. Яъни, белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 72 гр. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларини қизил йўлак қолиб, яшил йўлакдан олиб ўтаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра мазкур тилла ва заргарлик буюмларининг тахминий қиймати салкам 16.5 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, мазкур пост ходимлари “Истамбул-Тошкент” рейсининг яна бир йўловчиси фуқаро фуқаро М.Мавлянова томонидан қизил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, лекин йўловчи божхона декларациясида кўрсатмасдан туриб, қиймати салкам 24,5 млн. сўмни ташкил қилувчи 119 гр. тилла тақинчоқларнинг яширинча олиб кирилишига чек қўйишди.

Ваҳолангки, амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

аэро06.jpg

“Тошкент-Аэро” ИБК Ахборот хизмати хабарига кўра, пойтахтимиз аэропорти орқали ҳар суткада дунёнинг турли шаҳарлари бўйлаб, ўртача 40 дан ортиқ рейслар амалга оширилади. Бу ерда бир кунда ўртача 6-7 минг нафар йўловчилар ҳаракатланаётган бўлса, шуларнинг тахминан 93 % и божхонадан яшил йўлак орқали ўтишмоқда.