Термиздаги “яшил” йўлакдан беҳаё материаллар “ўта олмади”

0
33

Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб республикамизнинг барча ҳалқаро аэропортлари қаторида “Термиз” халқаро аэропортида ҳам икки йўлакли тизим амалиётга татбиқ этилди.

2018 йилнинг январь ойида “Термиз” халқаро аэропорти орқали 2,8 мингга яқин йўловчилар парвоз қилишган бўлса, уларнинг 97 фоизи божхона маскани орқали ҳаракатланишида “яшил йўлак”ни танлаганлар.

Таъкидлаш жоизки, икки йўлакли тизим орқали божхона назоратидан ўтказиш биринчи навбатда юртимизга кириб келаётган сайёҳлар ҳамда йўловчиларнинг вақтини тежаб, ортиқча оворачиликнинг олдини олади.

Ўзбекистон Республикасидан хорижга чиқаётган ёки мамлакатимизга кириб келаётган йўловчилар билан суҳбатлашилганда, уларнинг аксари ушбу тизим хақида хабардор бўлиб, мазкур янгиликни мамнуният билан қабул қилганликларини таъкидлашмоқда.

Масалан, “Санкт Петербург-Термиз” йўналиши бўйича келган фуқаро Дилшод Ражабов билан айни шу мавзуда суҳбатлашар экансиз, юртимизда татбиқ этилган икки йўлакли тизим халқаро амалиётда кенг қўлланилишини, ушбу тизим юртимиз халқаро аэропортларида ҳам жорий этилганлиги йўловчилар учун айни муддао эканлигини айтди.

– Россия Федерациясининг “Пулково”, “Домодедово” хамда “Внуково” аэропортларида божхона назоратидан ўтиш жараёнида ҳам худди шу каби қулайликларни кўриб, ўзимизнинг аэропортларда ҳам шундай икмониятлар хақида орзу қилар эдик, ана энди ушбу янгилик хақида эшитиб, уни ўз кўзим билан кўриб, яратилган қулайликлардан барча йўловчилар қатори мен хам хурсанд бўлдим, – дейди суҳбатдош юртдошимиз Дилшод Ражабов.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу тизимда эндиликда йўловчилар божхона операцияларини амалга ошириш мақсадида нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган товарларни декларациялаш шакли сифатида “яшил” ёки “қизил” йўлакни мустақил равишда танлашади. Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки резидентлари томонидан эквиваленти 2000 АҚШ долларига тенг нақд хорижий валюталарни олиб кириш ва олиб чиқишда декларациялаш мажбурий эмаслиги кўзда тутилса-да, хорижга чиқиб кетишда эквиваленти 5000 АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги нақд хорижий валютани Марказий банк рухсатномаси билангина декларациялаш йўли орқали олиб чиқиб кетишга йўл қўйилади.

Нақд хорижий валютани олиб киришда эса ҳеч қандай чекловлар йўқ. Бундан ташқари, жисмоний шахсларга қуйидагилар рухсат этилади:

– Чегарадош давлатлардан божсиз олиб кириш нормаси 10 АҚШ доллари, чегарадош бўлмаган давлатлардан эса 1000 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни олиб ўтиш,

– Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси “сўм”ни энг кам иш хақининг 5 баробар миқдоридаги суммани ҳеч қандай тўсиқсиз олиб ўтиш,

– Ҳаракатланаётган фуқаро буюмлари орасида тақиқланган товарлар мавжуд бўлмаганда, ёнидаги нарсаларни оғзаки маълум қилиб, бемалол яшил йўлак орқали ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Аммо яшил йўлакдан ўтаётган шахс тақиқланган ёки белгиланган меъёрлардан ортиқ товар ва нақд валюталар юзасидан божхоначида шубҳа уйғотса, уларга нисбатан божхона назорати шакллари қўлланилиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Ва ушбу жараёнда божхона қоидабузарлик ҳолати фош этилса, у холда жисмоний шахс божхона қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

Айтиш керакки, юқорида келтирилган барча қулайлик ва икмониятларнинг туб замирида энг авалло инсон манфаатлари мужассамдир.

Лекин минг афсуски, орамизда бу каби қулайликлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, “яшил йўлак” орқали ўтишни “ўз қаричи” билан чамалаб, божхоначиларни алдашга уринаётган фуқаролар ҳам учраб турибди.

2018 йил 21 январь куни “Термиз аэропорти” чегара божхона постида “Москва-Термиз” йўналиши бўйича учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.Н. “яшил йўлак” орқали божхона назоратидан ўтиш вақтида, унинг телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган 19 дона порнографик мазмундаги материаллар борлиги аниқланди ва холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Божхона қўмитаси Матбуот хизматига кўра, натижада, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув материали юритилиб, кўриб чиқишлик учун Сурхондарё вилояти маъмурий судига юборилган.