Хайр, Чемпионлар Лигаси. «Пахтакор» Қатарда мағлуб бўлди ва халқаро майдон билан хайрлашди

0
57

Тошкентнинг «Пахтакор» футбол клуби бор эътиборини Ўзбекистон чемпионати ва кубоги беллашувларига қаратади. Шота Арвеладзе бошчилик қилаётган клуб кеча Қатарнинг бешинчи жамоасидан мағлуб бўлиб, Чемпионлар Лигаси билан хайрлашди.

Фото: «Пахтакор»

«Ал-Гарафа»нинг янги хариди Уэсли Снайдер 20-дақиқада пенальтини аниқ амалга ошириб, қатарликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, шу бўлимнинг ўзидаёқ Александр Лобанов иккинчи голни ҳам ўтказиб юборди. Дарвозабон Туркиядаги ўқув-йиғин машғулотлари давомида кетма-кет 3 та пенальти зарбасини қайтаришга эришганди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалардагина «пахтакорчилар» ҳисобни қисқартирди. Бироқ бу амалда ҳеч нарсани ҳал қилмади.

«Пахтакор» ва «Ал-Гарафа» ўртасидаги бу олтинчи тўқнашув бўлиб тарихга кирди. Ўйинларнинг 4 таси Қатарда ўтиб, шуларнинг 3 тасида мезбонлар зафар қучган: 4:3, 1:0 ва 2:1. Яна бир беллашувда 2:2 ҳисоби қайд этилган. Тошкентда эса «Пахтакор» ишончли ғалабаларга эришганди — 3:0, 2:0. Шу тариқа мувозанат қатарликлар томон оғиб кетди. Тўплар нисбатидагина «Пахтакор»нинг натижаси яхшироқ — 11:10.

Чемпионлар Лигаси

Плей-офф босқичи

30 январь, сешанба

«Ал-Гарафа» (Қатар) — «Пахтакор» 2:1

Голлар: Уэсли Снейдер, 20-пен (1:0). Диего Амадо, 28 (2:0). Жасур Ҳакимов, 93+ (2:1).

Чемпионлар Лигасининг 2018 йилги мавсумида Ўзбекистон шарафини «Локомотив» ва «Насаф» клублари ҳимоя қилади.