24 йил қамоқда ўтирган жиззахлик собиқ депутат Самандар Қўқонов Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди

0
101

 

27 йиллик қамоққа ҳукм қилиниб 24 йилданг сўнг озодликка чиққан Самандар Қўқонов Шавкат Мирзиёевга бирданига ишониши қийин бўлганини айтади.

– “Тўғриси, 24 йил қамоқда ўтирган одам, Шавкат Миромоновичга бирданига ишонишим қийин бўлди. Лекин, Шавкат Мирзиёев туфайлигина бугун озодликдаман, менга берилган 27 йиллик қамоқ муддатини 24 йилини ўтаб, озодликка чиқдим”- дейди, собиқ депутат.

Шунингдек, Самандар Қўқонов Шавкат Мирзиёевга нафақат ўз номидан, балки яқиндагина авф этилган 2700 маҳбуснинг номидан ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг шарофати билан озод этилган минглаб инсонлар номидан ҳам раҳмат айтмоқда.

Бундан ташқари Самандар Қўқонов ЎзАга йўллаган мактубида – “Мана энди халқимиз эркин яшайдиган, эркин меҳнат қиладиган, меҳнат қилиб эркин яшайдиган ҳақиқий ҳуррият даври келди. Халқимиз бундан кейин ҳалол меҳнат қилиб, бир тан-у бир жон бўлиб, аҳил иноқликда, ҳамжиҳатликда, ўз топганига ўзи эга бўлиб яшаса, ош еган косаси олтиндан бўлади” – дейди.

– “Биз энди, ўз ерига, ўз эркига, ўз саодатига ўзи эга халқмиз. Энди нафақат заводлар қурамиз, балки завод қурадиган заводлар ҳам қурамиз. Биз энди нафақат қора ишчи кучи бўлиб кун кўрамиз, балки илм кучи билан, тафаккур кучимиз билан ҳам дунё тараққиётига ўз хиссамизни қўшишга қодир бўлиб кун кўрамиз, ҳур яшаймиз”-деб мактубини давом эттиради, Самандар Қўқонов.

“Муҳими бизга мана шундай улуғ ислоҳотларни тақдим этаётган миллатимиз сардори, Президентимиз бор. Президентимизни эса нафақат ғайрат шижоати, юксак тафаккури, балки буюк қалби ҳам бор. Мен каби минглаб мазлумларни ёруғликка олиб чиққан Шавкат Миромоновичга фақат ва фақат омад ёр бўлишини Худодан сўраб қоламан! Барча юртдошларим олдида таъзимдаман!” – деб мактубга якун ясалган.