“Қизил китоб”га кирган балиқларни овлаган “Браконьерлар” ушланди

0
69

“Браконьерлар” табиатга 20 миллионга яқин моддий зарар етказганлиги аниқланган.

“Қизил китоб”га кирган балиқларни овлаган “Браконьерлар” ушланди

Фото:UzNews

Тошкент вилояти ИИБ Тергов бошқармасининг хабар беришича, оққўрғонлик Эгамназаров Сардор ҳамда Абдурасулев Музаффар экология соҳасидаги жиноятлар туркумига кирувчи, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш жиноятини содир этганлар.

Бу икки фуқаро 2017 йил 21 июль куни соат тахминан 16:30 да, ноқонуний ва назорат қилмайдиган даромад олиш мақсадида, олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлгани ҳолда, “Сирдарё” дарёсида тақиқланган, ов қуролидан фойдаланиб “Қизил китоб”га киритилган балиқларни ов қилган пайтда қўлга олинганлар.

Улар аккумулятор, электр дастак ва электр қармоқлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 3 дона орол суғён, сўзан балиғи (Аралъский усач), 3 дона зоғара балиғи (сазан), 1 дона Оққайроқ балиғи (жерех), 11 дона Товон балиқ (карась), 1 дона дўнгпешона балиғи (Толстолоб), 6 дона Вобла ва 10 дона бошқа арзон қийматга эга бўлган балиқларни овлаётган вақтда, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш биоинспекцияси ходимлари томонидан ушланган ва уларнинг жиноий харакатларига барҳам берилган.

Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш биоинспекцияси томонидан берилган маълумотномага кўра, “жиноятчилар” табиатга 19 миллион 51 минг 380 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.

Оққўрғон тумани ИИБ хузуридаги Тергов бўлими терговчиси лейтенант Сафаров Шоҳруҳ Юнусали ўғлига кўра, “Браконьер”ларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 202-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан айбдор деб топилиб, Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ тумани судининг ҳукмига асосан уларга нисбатан 3 (уч) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шунингдек, уларнинг зиммасига табиатга етказилган 19 миллион 51 минг 380 сўм миқдоридаги моддий зарарни қоплаш юклатилган.