КОРОНАВИРУС келажакка яна қандай таъсир этади: Хитойда экзотик ҳайвонларни ейиш одатдагидек давом этмоқдами?


КОРОНАВИРУС келажакка яна қандай таъсир этади: Хитойда экзотик ҳайвонларни ейиш одатдагидек давом этмоқдами?

Хабарингиз бор, ҳозирда коронавирус бутун дунёга кенг тарқалмоқда, жумладан, у Европани ҳам забт этиб бўлди ҳисоб. Хитой ва Ғарб коронавирусга қандай қарши тура олади?

Гарчи мунозаралар кўпинча демократик индивидуализм ёки авторитар коллективизм тарафдорлари ўртасида бўлинса-да, таҳлил янада чуқурроқ бўлиши учун соғлиқни сақлаш тизими, технология, геосиёсат ва иқтисодий ривожланиш каби муҳим омилларни қамраб олишимиз керак.
Хитойнинг Хубей провинциясини фавқулоддаги вазиятда ушлаб турган COVID-19 деб номланган коронавирус эпидемияси Хитой жиддий ички муаммога дуч келганида доимо давом этадиган мунозараларни келтириб чиқарди.
Коммунистик партиянинг бундай инқирозни енгиш учун кучи етарлими ёки Ғарб либерал демократик тизими бунга қарши самаралироқ курашадими ёки янада кескин савол: коронавирус каби табиий офатлар Хитой сиёсий моделининг ички натижасими? Агар бу Ғарбда содир бўлганида вазият бугунги даражага етган бўлармиди?

Бундай мунозараларнинг муаммоси шундаки, улар мураккаб ҳолатларнинг сабаб ва таҳлилини битта омилга — мафкурага боғлайди. Гўёки Хитой сиёсий тизимида бирон-бир ўзгариш юз берса, унинг деярли барча муаммолари йўқ бўлиб кетадигандай. Аммо бу мамлакат Коммунистик партиядан анча каттароқ, соф сиёсатдан ташқарида Хитойнинг ўзига хослигини шакллантирадиган бир қатор маданий қадриятлар, моддий шароитлар, геосиёсий вазиятлар ва технологик тенденциялар мавжуд. 

Уларнинг барчаси шу маънода COVID-19 каби инқирозга нисбатан реакцияга таъсир қилади. Қуйида баъзи муҳим параметрларни кўриб чиқамиз.

СИЁСИЙ ТИЗИМ...
Юқорида айтиб ўтганимиздек, турли Ғарб оммавий ахборот воситалари Хитой авторитар моделини мунтазам равишда танқид қилади, чунки улар Хитойнинг коронавирус каби муаммоларга тизимли равишда жавоб беришга тайёр эмаслигига ишонишади. 

1201746525.jpg_8.jpg

Шунингдек, Хитой тизимидаги “хаёлий меритократия” ҳақида ҳам танқидлар бор эди: агар яхши бошқарув учун авторитар бошқарув модели қабул қилинса, унда нега жиддий муаммолар пайдо бўлди, айниқса эпидемиянинг бошида? Буларнинг барчасига Хитойнинг самарали технократик модели тўсқинлик қилиши керак эмасмиди? Ушбу танқидлар қисман ҳукуматнинг ушбу инқирозга муносабати қандай бўлишига боғлиқ. Хитой ҳукумати кўп танқид қилинди, бошқа томондан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кабилар эпидемиянинг олдини олишга қаратилган Пекиннинг ҳаракатларини олқишлади.
Аммо, АҚШнинг Йель университети профессори Таисуй Чжан фикрига кўра, Хитой ҳукуматининг реакциясини танқид қилиш учун асосий омил бор: уларнинг эътибори фақат тизимга ёки марказий ҳукуматга қаратилгани, маҳаллий ҳокимиятларга эса йўқ. 

Интернет фойдаланувчиларининг танқидларига асосан Хубей провинциясида жойлашган Ухан шаҳри расмийлари учраган. Кўпгина Ғарб мамлакатларида фуқаролар ўзларининг маҳаллий вакилларига кўпроқ ишонадилар. Хитойда бунинг акси юз беради. Коррупция ва ёмон бошқарув ҳақидаги тасаввурлар ҳам муаммо қанчалик маҳаллий бўлса, шунча кучайиб боради.
Бу коронавирус каби табиий офатлар аҳолини Хитойнинг “юқори” меритократиясига бўлган ишончини камайтирмайди, дегани эмас. Агар демократик тизимларда инқирозни суст бошқарилиши сайловларда “ёмон ҳукмдор”ни танлаш билан боғлиқ бўлса, меритократик-авторитар тизимлар ҳолатида битта одамни айблаш қийинроқ бўлади. 

Чунки савол туғилади: бу тизим қандай қилиб қобилиятсиз одамга шундай ҳокимият мавқеига эга бўлиш имконини берган? Шу маънода мамлакат ҳукумати унинг имижига етказилган зарарни “қоплашга” киришди. 

Яқинда ишдан бўшатилган Ухан ва Хубей хокимиятлари расмий ОАВлар томонидан тўғридан-тўғри танқидларга учради. Бу шунингдек, одамларни илҳомлантириш учун оммавий сафарбарликни келтириб чиқарди, хоҳ у 10 кун ичида мега-касалхоналар қурилиши бўлсин, хоҳ кўнгиллиларнинг сафарбар этилиши ёки “қаҳрамон шифокорлар”нинг мисолларининг намойиши — баъзида асоссиз ва деярли маоист менталитетга эга бўлса-да.

МАДАНИЙ ҚАДРИЯТЛАР...

Ғарб индивидуализмидан фарқли ўлароқ, Хитой ва Осиё маданиятининг коллективизми муҳим омиллардан биридир. Ушбу нуқтаи назарга асосан Хитой жамиятининг коллектив мақсадлар учун ўзини қурбон қилишга тайёрлиги туфайли карантин ёки ҳаракатни чеклаш каби энг қатъий сиёсатни амалга ошира олди. 

china663.jpg

Хитой ижтимоий тармоқларининг танқидига қарамай, аҳолининг аксарияти ҳукуматнинг уйда қолиш ва муайян тиббий чоралар кўриш ҳақидаги кўрсатмаларига амал қилишмоқда. Қоидаларни бузган қўшниларини кузатишга ва жазолашга ўзларини бағишлаган кўнгиллилар ҳам бор.

Шу муносабат билан биз нафақат нима содир бўлганлигини, балки хайриятки, нималар содир бўлмаганлигини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Масалан, бошқа мамлакатларда содир бўладиган оломон томонидан дўкон ва супермаркетларни талаш ёки кўча мебелларини йўқ қилиш каби ҳолатлар Хитойда учрамади. 
Шунингдек, чекланган ҳаракат эркинлигига нисбатан аҳоли томонидан юқори кескинлик билан тавсифланган ҳолатлар ҳам бўлмаган. Шундай экан, маданий қадриятлар параметри бизга ушбу реакцияни таҳлил қилишда демократия — авторитаризм оқими унчалик ҳам муҳим бўлмаслиги мумкинлигини кўрсатмоқда.

Фукусима каби табиий ёки гуманитар фалокатлар пайтида Осиёнинг Япония каби демократик давлатида ҳам аҳолининг итоаткор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларига гувоҳ бўлганмиз.

ТЕХНОЛОГИЯ, МЕДИА ВА ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР... 

Тиббий ёки ижтимоий назоратнинг янги технологияларга мойиллиги ҳам Ғарб ва Хитой ўртасида ўзига хос чизиқ тортади. Коронавирус каби жиддий эпидемияларга қарши курашиш мавжуд технологиялардан, масалан, маълумотлар ва алгоритмлар, юзни аниқлаш камералари ёки баъзи биосенсорлар каби футуристик технологиялардан фойдаланишни талаб қилади. Ушбу ижтимоий инқироз натижасида пайдо бўлган технологик янгиликлар, масалан уйида ўтирган одамларнинг тана ҳароратини ўлчайдиган учувчисиз самолётлар ҳақидаги гаплар Хитой ижтимоий тармоқларида кенг тарқалмоқда.
Медиа ва ижтимоий тармоқлар. Хитойда ҳозирги коронавирус инқирози пайтида шароитларга қараб мослашувчан цензура тизими кузатилади, баъзида чекловлар кўпроқ, баъзан эса камроқ. Ҳозирги кунда Хитойда журналистлар ва интернет фойдаланувчилари билан муносабатда бўлиш даражаси кутилганидан анча юқори. 

Аслида марказий ҳукумат ушбу танқидий журналистикани қўллаб-қувватлашга ва вақт ўтиши билан аҳолининг янада ғазабини келтириб чиқариши мумкин бўлган коррупция ёки бошқа ёмон амалиётни аниқлаб олишга рағбатлантирмоқда.
Бир муҳим воқеадан сўнг Хитой ижтимоий тармоқларида танқидлар "портлаши" юз берди, яъни касалликнинг бошланиши ҳақида ҳаммадан биринчи огоҳлантирган, аммо “миш-миш тарқатгани” учун полициядан огоҳлантириш олган ёш шифокор Ли Венлианнинг ўлими.
Доктор вафот этган куни мамлакат ижтимоий тармоқларида кўпчилик одамларнинг ва ҳатто Коммунистик партия аъзоларининг ҳам таъзия ва ғазабли хабарлари пайдо бўлди. 

Энг экстремал хабарлар цензура остига олинган бўлишига қарамай, ҳукумат уларнинг кўпчилигини қолдирди, муаммони яширишга ҳаракат қилмади ва ҳатто давлат телевидениеси ва оммавий ахборот воситаларида доктор Ли ни мақтади.
Шаффофликнинг ошиши жамоатчилик ва ҳокимиятга фойда келтирадиган ушбу ҳолатларга қўшимча равишда Хитой тармоқларида вирус ҳақида юзлаб миш-мишлар, ёлғон даволаш усуллари ва фитна назариялари ҳам мавжуд. 
Бунга қўшимча равишда ваҳималар, хитойликларга қарши ирқчилик ҳиди уфуриб турувчи хабарлар ёки Ухан ва Хубей аҳолисига нисбатан камситувчи даъволарни тарқатувчи сохта хабарлар қўшилади. 

Бундай ҳолатлар, маълум бир таркибни цензура қиладиган ёки умуман чекламайдиган тизимлар ўртасидаги афзалликлар ва камчиликларни намойиш этади.

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ... 

Ҳозирда Хитой дунёдаги иккинчи куч бўлишига қарамай, соғлиқни сақлаш тизими кўрсаткичлари бўйича дунёда 47-ўринни эгаллайди. Хитойни Ғарб давлатлари билан таққослаганда, бундай кўрсаткичлар баъзида унутилади. Ўзининг юқори ўсиш темпига қарамай, Хитой ҳали ҳам ривожланаётган мамлакат ҳисобланади. 
Чунки Хитойдаги аҳоли жон бошига ЯИМ миқдори Мексика ёки Қозоғистон билан деярли бир хил. Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизими модернизация қилинди ва сезиларли даражада кенгайтирилди, аммо шуни эсда тутиш керакки, мамлакат ҳанузгача қирғоқ бўйи ва ички вилоятлар ўртасида кучли тенгсизликни сақламоқда.

f5a5d7c3e83796e9035f44ab8ac45.jpg

Агар Пекин ёки Шанхайда биз Европадаги каби соғлиқни сақлаш тизимига ишонсак, қашшоқ вилоятларда бу ҳолатлар ёмонлашмоқда. Ухан ва Хубей мисолида оладиган бўлсак, бу ўрта ривожланган вилоят, шунинг учун соғлиқни сақлаш тизими нисбатан яхши, аммо йирик шаҳарларда бўлгани каби унчалик ҳам янгиликларга бой эмас.

Соғлиқни сақлаш, айниқса профилактика билан боғлиқ яна бир омил, бу мамлакатда ҳали ҳам кенг тарқалган ва коронавирус биринчи марта юқишни бошлаган деб тахмин қилинадиган, ёввойи ҳайвонлар гўшти сотиладиган бозорларидир. 

Хитойда экзотик ҳайвонларни ейиш ёки уларнинг қисмларини анъанавий тиббиёт учун ишлатиш одатий ҳолдир. Сетон Холл университети қошидаги дипломатия ва халқаро алоқалар мактаби профессори, эксперт Янчжун Хуанг таъкидлаганидай, ушбу ноқонуний бозорларни йўқ қилиш учун анча вақт керак бўлади, чунки расмийларнинг қаттиқ қўл сиёсати билан биргаликда ушбу ёввойи маҳсулотларни сотиб олишни давом эттираётган аҳолининг, айниқса қишлоқ жойлар аҳолисининг менталитетини ўзгартириш керак.

ИҚТИСОДИЁТ... 
Хитойда карантин туфайли юзага келган глобал ишлаб чиқариш занжирларининг фалажлиги бир томондан ушбу иқтисодиётнинг дунёдаги марказий роли ва агар у тўхтатилса, олиб келиши мумкин бўлган муаммоларни кўрсатди, бошқа томондан, Хитой аҳолиси, компаниялари ва расмийлари вирусни ушлаб туриш натижасида иқтисодий зарар кўрмоқда. Миллий иқтисодиётнинг Америка Қўшма Штатлари билан савдо урушидан кейин кўрган айнан шу зарари ҳам дард устига чипқон бўлди.

Пекин бу инқирозни тўхтатиш учун қилиши керак бўлган ишлар, бу маънода Ғарб қиладиган нарсаларга қараганда қийинроқ: Хитой ривожланган иқтисодиётга қараганда бундай офатлардан кўпроқ зарар кўриши мумкин бўлган ривожланаётган мамлакатдир. 
Бошқа томондан, Хитой ўз иқтисодиётини ривожланган Ғарб мамлакатлари даражасидаги иқтисодиётга айлантириши учун “ўртача даромад тузоғи”дан қочишга ҳаракат қилмоқда. Коронавирус каби тўсиқлар эса бу йўлни мураккаблаштиради.

Ниҳоят, шуни таъкидлаш керакки, Хитойда қўлланиладиган карантинлар ва чекловлар нафақат мамлакатнинг ички минтақаларига, балки бутун дунёга катта таъсир қилади. Одамларнинг доимий ўзаро ҳаракати билан боғлиқ бўлган замонавий дунёда, эҳтимол Пекин томонидан ўрнатилган чегаралар, эпидемиянинг олдини олиши мумкин. 

Хитойнинг атрофида ривожланаётган ёки жуда камбағал давлатлар бор, масалан, Россия, Ҳиндистон, Лаос, Бирма, Мўғулистон ва Марказий Осиё республикалари. Уларнинг аксариятида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти доимий равишда огоҳлантирганидек, аҳоли саломатлиги ва ҳукуматларнинг кенг тарқалган эпидемияга муносабати Хитойга нисбатан анча заифроқ. 
Пекиннинг сиёсати шу маънода Осиё минтақасининг муҳим қисми тақдирини белгилаб бериши мумкин — бу унинг етакчилик салоҳияти ва дунё олдида жавобгарлигининг синовидир.

Нурбек АЛИМОВ, 
халқаро муносабатлар бўйича эксперт 

8 151
ЎзА


Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология