Бош прокуратура ердан фойдаланишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқди


Бош прокуратура ердан фойдаланишга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқди

Бош прокуратура ҳокимликлар захирасидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва уларда ноқонуний қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ амалиётни таҳлил қилди.

Таҳлиллар 3 минг 884 гектар (22 789 та ҳолат) ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллангани, 6 минг 24 гектарида (52 292 та ҳолат) ноқонуний қурилишлар амалга оширилгани, 9 минг 741 гектаридан (477 ҳолатда) самарасиз ҳамда 1 минг 418 гектаридан (591 ҳолатда) мақсадсиз фойдаланилгани аниқланди.

Биргина Тошкент вилоятида 11 минг 590 ҳолатда 1 минг 450 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган, 9 минг 713 ҳолатда 855 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилинган.

Бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммолар ва қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг таянчи бўлган ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини қайтариш ва бундай ерларда ноқонуний қурилган уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузишга оид ишларни судда кўриб чиқиш тартиблари соддалаштирилмоқда.

Зотан, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган амалдаги тартиб ердан фойдаланишдаги қонунбузарликларга маълум маънода имкон яратмоқда. 

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг “Суд буйруғи” деб номланган 18-бобига қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги масалалар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилади.

Ваҳоланки, бу борадаги амалдаги тартибга мувофиқ, битта ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги ҳал қилув қарори Мажбурий ижро бюросига келиб тушиши учун ўртача 80 кун муддат талаб этилади.

Бу эса, ноқонуний қурилиш у бошланган вақтда аниқланган тақдирда ҳам давом этишига шароит яратмоқда, келгусида уни қонуний асосларда бузиш жараёнида мулкдор ҳамда ваколатли органлар ўртасида тушунмовчилик ва зиддиятни юзага келтирмоқда.

Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология