Мурожаатдан натижа бўлмади, аммо...


ЎзАга пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 10-мавзе 15-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Фотима Миряҳёева ўзи яшаётган маҳалладаги муаммолар юзасидан оғзаки мурожаат қилди. 

Ушбу мурожаатда кўтарилган масалаларни ўрганиш мақсадида манзил томон йўл олдик. 

Мамлакатимиз бўйлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганидан хабардормиз, албатта. Маҳаллалардаги ўйдим-чуқур ички йўллар, кўримсиз ҳолга келиб қолган кўп қаватли уйларнинг ташқи қиёфаси бутунлай янгиланмоқда, ариқлар тозаланиб, бинолар олдида гулзорлар, яшил майдончалар барпо этилмоқда. Қолаверса, ҳар бир уйнинг рўпарасида болалар учун спорт майдончалари қурилгани кексаю ёшни бирдай қувонтирмоқда. 

Юнусобод тумани “Учқаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 10-мавзеда ушбу ишлар “мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида бажарилган шекилли, маҳалла атрофи ободонлаштирилмаган. Кўчага кириш йўли торлиги боис қарама-қарши келаётган транспорт ҳаракатлана олмаслигига гувоҳ бўлдик. Дарахтларга ишлов берилмаган. 

Йўл четидаги лотоклар чиқинди билан тўлган. Маҳалла фуқароларининг сўзларига кўра, ёғингарчилик мавсумида лоток чиқиндига тўлгани боис, сув ариққа оқмай йўлларга тошади. Бу эса фуқароларнинг ҳаракатланишига қийинчилик туғдирмоқда. Мавзеда жойлашган 15-уйга кириш йўлаги чуқурлиги сабабли, ёмғир сувлари тўпланиб қолади. Баъзида уйдан чиқишнинг имкони бўлмайди. Мазкур ҳолат фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
– Шу йил апрель ойида ёғингарчилик кўп бўлди, – дейди фуқаро Ф.Миряҳёева. – Уйга кириш йўлагида тиззагача сув йиғилди. Киришнинг ҳам, чиқишнинг ҳам иложи йўқ. Бу бўйича бир неча бор маҳаллага мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмади. Бу ҳол қачонгача давом этади, ҳайронман. 

Маҳалладаги болалар майдончасини кўздан кечирдик. Майдонча атрофидаги ўриндиқлар яроқсиз ҳолга келган. Ўйин қурилмалари талабга жавоб бермайди, синиб ётибди. Маҳаллада болаларнинг бемалол ўйнаши учун шароит йўқ. Шу сабабли болалар ўйнаш учун қўшни маҳалла ҳудудига боришади.

Фуқаро Гулруҳ Мустафоеванинг қайд этишича, ушбу маҳаллага кузатув камералари ўрнатилганига бир йил бўлган бўлсада, ҳалигача ишламайди. Маҳалла ҳудудида автотураргоҳ йўқ. Тунги ёритгичлар бир кун ёнса, уч кун ўчиқ. Кечқурун чироқ ёнмаса, камералар ишламаса ҳудудда ҳуқуқбузарлик содир бўлмаслигига ким кафолат беради? 

Муаммоларнинг ечими юзасидан маҳалла раиси Ғофур Муҳидов қуйидагича изоҳ берди:

– Яқинда Республика ишчи гуруҳи томонидан туманимиз танқидий ўрганилганда ҳудудлардаги барча муаммолар аниқланди. Шу жумладан, бизнинг маҳалламиздаги муаммолар ҳам. Тўғри, 10-мавзедаги 15-уй ҳудудимиздаги энг чекка жойда, шу билан бирга қияликда, қолган кўп қаватли уйлардан пастроқда жойлашган. Шу сабабли оқава сувлар ўша жойга тўпланади ва фуқароларга турли қийинчиликлар туғдирмоқда. Аниқланган камчиликлар ва муаммоларни тез орада тегишли мутасаддилар билан бирга бартараф этамиз.

Биз ҳам ушбу муаммоларнинг тез орада бартараф этилишига умид билдирамиз.


Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология