Шавкат Мирзиёев: Бизга миқдор эмас, сифат керак


Ўзбекистон Миллий университетида Президентимиз олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, Мазкур олий таълим даргоҳини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар тақдимоти билан танишди. 

Кадрлар тайёрлаш соҳалари таркибий тузилиши лойиҳасида ёшларни олий ўқув юртларига янада кўпроқ қамраб олиш бўйича батафсил маълумот берилди. 2018-2019 ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртларига 96 минг 950 талаба қабул қилинган бўлса, 2019-2020 йилда 123 минг 170 нафар йигит-қиз ўқишга жалб этилади. Бу кўрсаткични 2022-2023 ўқув йилида 180 мингтага етказиш режалаштирилган. 

Олий таълимга инновация инвестицияларини – хорижий таълим-илм технологияларини жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йилда юртимизда Россиянинг 2, Жанубий Кореянинг 2, Латвиянинг 1 олий таълим муассасаси филиаллари ташкил этилди. Жорий йилда Ҳиндистоннинг 2, Россиянинг 2 ва АҚШнинг 1 олий таълим муассасаси филиали талабаларни қабул қилади. Улардаги таълим жараёнига 832 нафар хорижий мутахассис жалб этилган. 

Президентимизга муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш, таълим мазмунини компетенциялар (амалий кўникмалар) асосида тубдан ўзгартириш, педагогик таълимнинг янги моделини жорий этиш, олий таълим муассасалари фаолиятини “Университет – 3.0” концепцияси асосида ташкил этиш, АКТ ва таълим технологиялари интеграциясини таъминлаш лойиҳалари бўйича маълумот берилди. 

Бизга миқдор эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажрибасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажриба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир, деди давлатимиз раҳбари. 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолияти ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид режалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Беш йиллик комплекс дастур ишлаб чиқиб, университет фаолиятини ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Университет ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз борди. 

Мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Фан тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинди. 

Натижада инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича қиймати 151 миллиард сўмлик 55 лойиҳани амалга ошириш учун қулай замин яратилди. Фанлар академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти томонидан замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқилган оддий суперфосфат ва маҳаллий хомашёдан фаоллаштирилган кўмир олиш технологияси шулар жумласидандир. Ўсимлик моддалари кимёси институтининг “Ферулен“ ва “Фланорин“ препаратлари, Биоорганик кимё институтида “Рутан” дори воситаси субстанцияси, Ядро физикаси институти олимлари томонидан яратилган сувни кимёвий тозалаш ускунаси ҳам бунга яққол мисолдир. 

Бу ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида 450 ишланма ва 90 тармоқ муаммолари ечимларини қамраб олган “Буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” махсус портали ишга туширилиб, тижорат банклари билан 19 янги стартап корхона ташкил этилган. 

Буларнинг барчаси импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришга шароит яратмоқда. Такрор ва такрор таъкидлаш жоиз: 

янги фикр ва янги ғояга, инновацияга таянган давлат ҳар доим ютади ва ривожланади. Шунинг учун, биринчидан, импорт ўрнини босадиган ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган илмий ишланмаларни кўпайтириш керак. Бу – масаланинг бир томони. Иккинчи томони эса, ушбу ишланмалар маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қизиқтириши ва харидоргир бўлиши зарур, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимизнинг келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. 

Учрашувда археология соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон археологлари томонидан сўғдий ҳукмдорлар қароргоҳи харобалари бўлган “Кофир-қалъа” ёдгорлигида ёғоч панно – сўғд санъатининг ноёб намунаси, Фарғона водийсидаги Ахсикентда Х асрда пишиқ ғиштдан туннель шаклида қурилган ер ости сув таъминоти тизими топилгани юртимиз тарихи нақадар буюк эканидан далолат бериши эътироф этилди. Археологияни ривожлантириш бўйича алоҳида давлат дастурини қабул қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди. 

Термит ҳашорати асосан целлюлоза яъни, ёғочни кемириб, аҳоли турар-жойлари, маданий-тарихий обидалар, стратегик аҳамиятга эга объектлар, бино ва иншоотларга жиддий зарар етказади. Зоология институтига термитларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган изланишларни янада такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий қилиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш тавсия қилинди. 

Кейинги йилларда илм-фан ва таълим соҳаси ходимлари изчил рағбатлантирилиб келмоқда. Илмий ходимларнинг маоши ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25, жорий йил 1 январдан 20 фоиз оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтариладиган бўлди. 

Президентимиз бу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг маошига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Ёшлар академияси ҳам илм-фан вакилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ушбу академияга инновацион фикрлайдиган иқтидорли талабалар ва 40 ёшгача бўлган олимлар, ташаббускор ёшлар аъзо бўлади. Академияда сунъий интеллект, қайта тикланадиган энергия манбалари, робот техникаси ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3D моделлаштириш каби йўналишларда илмий ишлар олиб борилади. 

Олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлаш жараёнини янада жадаллаштириш бўйича Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва “йўл харитаси” тасдиқланган. Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида олий таълим муассасаларининг йирик ишлаб чиқариш корхоналари, давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Натижада ташкилот ва корхоналарнинг 4 мингдан ортиқ малакали амалиётчи-мутахассислари олий ўқув юртларининг таълим жараёнига жалб этилган. 

Шунингдек, кейинги 2 йилда йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик натижасида мамлакатимизда янги олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди, 30 дан ортиқ ўқув юртида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастурлари доирасида кадрлар тайёрланмоқда. 

Олий таълим тизимини замонавий усуллар ёрдамида самарали бошқариш, соҳада моддий-техник базани кучайтириш, ўқув-методик ишларни такомиллаштириш бўйича жиддий чоралар кўришимиз зарур. Кадрлар буюртмачилари ҳисобланган иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, олий таълим тизимини ривожлантиришнинг стратегиясини белгилаш, давлат таълим стандартлари ва малака талабларини қайта ишлаб чиқиш, талабаларнинг малакавий амалиётини самарали ташкил этиш лозим, деди Президент. 

Учрашувда педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш ва уларни табақалаштирган ҳолда рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Олий таълим вазирлиги магистратура талабаларини Фанлар академиясининг мос йўналишдаги илмий-тадқиқот институтларида стажировка ўташ амалиётини йўлга қўйиш, табиий фанлар ва муҳандислик йўналишларидаги магистратура талабаларини бюджет ҳисобидан давлат буюртмаси асосида тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш, хусусан, мамлакат миқёсидаги ғолибларни тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага, халқаро олимпиада ғолибларини эса кейинчалик докторантурага ҳам синовсиз қабул қилиш чораларини кўриш белгиланди. Молиявий барқарор олий ўқув юртларини марказлашган тартибда молиялаштириш тизимидан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтказиш лозимлиги қайд этилди. 

Шавкат Мирзиёев олим ва педагогларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Учрашувда академиклар, олий ўқув юртлари ректорлари ва талаба ёшлар сўзга чиқиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

Ўзбекистон Миллий университети математика факультети 4-босқич талабаси Сардор Бозорбоев ёшлар учун яратилаётган имкониятдан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, фан олимпиадалари ўтказиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилаётган эътибордан мамнуният билдирди. Сардор математика бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда 4 олтин, биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритган. 

– Таълим тизимига эътибор самарасини ёшларимиз турли танлов ва халқаро олимпиадаларда қўлга киритаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин, – деди С.Бозорбоев. – Биз, ёшлар яратилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиб, юртимиз довруғини янада юксалтирамиз, улуғ алломаларнинг муносиб ворислари эканимизни исботлаймиз. 

Президентимиз Сардор каби изланувчан, зукко, билимдон ёшлар юртимиз келажаги эканини таъкидлаб, унга автомашина совға қилди.
d6ae5e9d-8159-f724-5059-9193c3d15105.jpg

3273f572-f95d-fd0b-4bcc-e600e196197e.jpg

4b917371-3a01-7dc0-5f90-b3fcc545948e.jpg

0f916654-1143-df4b-bff6-5ed1d61ae227.jpg

72940fe9-d4f3-76d0-9dcd-4185c4b7577e.jpg

24c80568-445d-f394-1e14-8a331254058d.jpg


Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология