Қирқ ёшида қатл этилган Акмал Икромовга қандай айблар қўйилган эди?


Қирқ ёшида қатл этилган Акмал Икромовга қандай айблар қўйилган эди?

БУГУН
ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

1130 йил (890 йил олдин) – Ғарбий қорахонийлар давлати пойтахти Самарқанд салжуқийлар томонидан эгалланди. Умрининг охирларида фалаж бўлиб қолган қорахоний ҳукмдор Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон Самарқанддан Балхга жўнатилди ва ўша ерда кўп ўтмай вафот этди.

1527 йил (493 йил олдин) – Рожпут Рана Санга ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўртасида Кхануа жанги бўлиб ўтди. Жангда Бобур қўллаган тўлғама усули ва артиллерия иш берди. Жангда Бобур тўла ғалабага эришди.

1938 йил (82 йил олдин) – давлат ва сиёсат арбоби, 1929-1937 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби бўлган Акмал Икромов Советларга қарши “Ўнг троцкийчи блок” деб аталган иш бўйича Москвада суд қилиниб, собиқ СССРни бўлиб юбориш, жумладан, ундан Ўрта Осиё республикаларини ажратиб олиш, давлат тузумини ағдариш, капитализмни, буржуазия ҳокимиятини тиклашда айбланди ва Москвада отиб ташланди. Орадан 19 йил ўтиб, 1957 йил 3 июнда СССР Олий суди ҳарбий коллегияси Акмал Икромовни айбсиз деб топди ҳамда у оқланди.

1938 йил (82 йил олдин) – СССР Халқ Комиссарлари Совети “Миллий республикалар ва вилоятлар мактабларида рус тилини мажбурий ўрганиш ҳақида” қарор қабул қилди. Шу тариқа рус тили СССРнинг барча мактабларида мажбурий фан сифатида ўқитиладиган бўлди.

1954 йил (66 йил олдин) – СССР Министрлар Совети ҳузурида Давлат Хавфсизлик Комитети (КГБ) тузилди.

1969 йил (51 йил олдин) – Амударё сувининг тошиши натижасида Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳридаги бир қанча бинолар жиддий зарар кўрди. Лекин тез фурсатда шаҳар қайта тикланди.

2002 йил (18 йил олдин) – Адабиёт жамғармаси рўйхатдан ўтди.

ЖАҲОН ТАРИХИДА

1733 йил (287 йил олдин) – инглиз файласуфи, кимёгари Жозеф Пристли дунёга келди (вафоти – 1804 йил). У 1774 йилда, 41 ёшида кислородни кашф этди. Пристли Нафас олиш-чиқариш туфайли бузилган ҳавони яшил ўсимликлар “тозалайди”, деб кўрсатиб ўтган.

1781 йил (239 йил олдин) – инглиз астрономи ва оптиги Вильям Гершель Уран сайёрасини кашф этди. Уран Қуёш системасига кирувчи 9 та сайёрадан бири, Қуёшдан узоқлиги бўйича еттинчи сайёра ҳисобланади. Массаси Ер массасидан 14,56 марта катта.

1917 йил (103 йил олдин) – Россия Федерациясида чиқадиган умуммиллий газета – “Известия” (“Ахборот”)нинг 1-сони чиқди.

1920 йил (100 йил олдин) – Германияда монархист, журналист Вольфганг Капп ва генерал Эрих Людендорф бошчилигида давлат тўнтариши ўтказиш учун исён кўтарди. Капп ўзини канслер (бош вазир) деб эълон қилди ва парламентни тарқатиб юборди. Қўрқиб кетган ҳукумат Берлиндан қочиб кетди.

2013 йил (7 йил олдин) – Римнинг 266-папаси Франциск сайланди. Рим папаси католик черкови ва Ватикан давлати бошлиғи ҳисобланади. У кардиналлар мажлиси томонидан умрбодга сайланади.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ

Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология