ЗУЛФИЯ НОМИДАГИ ДАВЛАТ МУКОФОТИГА САРАЛАШДАН НОРОЗИ НОМЗОДЛАР ТЎПЛАНИШДИ




Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан Зулфия номидаги Давлат мукофоти республика саралаш босқичидан норози иштирокчилар тўпланишган, деб хабар бермоқда Наргиза ЮНУСОВА.
Маълум бўлишича, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган қизлар саралаш босқичларидаги фикрлари, танқидий муносабатларини билдиришган. Суҳбат давомида қизлар ўзларининг фикрига хайрихоҳ бўлган бошқа ҳудуд номзодлари ҳам оз эмаслигини, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссия аъзолари номзодларни қайси мезонлар асосида сараланганию, республика босқичида ўтказилган суҳбат баллари нега эълон қилинмагани, шунингдек, номзодларнинг фаолияти нима учун ОАВда кенг ёритилмагани ҳақида гапиришган.
Уларнинг фикрича, жавоблар аллақачон чиққан. Аммо бу сир тутилган. Шу пайт собиқ Хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан — Гулнора опа Маруфова ҳамда Сайёра опалар келишди. Барчасига аниқлик киритиш мақсадида қизларни қўмита биносига олиб кетишган. У ерда Элмира Боситхонова билан юзма-юз суҳбат бўлган.
Чамаси икки соатлар давом этган суҳбат аввалига ёвқарашроқ киноялар билан бошланган. Бу иш қизлар учун номуносиблиги, аслида Зулфияхоним издошлари ҳар қандай вазиятда оғир бўлиши хусусида гапирилган. Аммо сал туриб бу ҳолат она ва қизнинг опа ва сингилнинг ўзаро дардлашувига айланган.
Яъни, айтилишича, бундан бир неча кун олдин Шохсанам Холбоева (Тошкент шаҳридан қатнашган номзод) томонидан олинган ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеога жавобан, Элмира опа ҳали Президентнинг қарори чиқмагани, шахсан ўзларининг қўлига етиб келмагани ва жавоблар ҳали чиқмаганини айтган. Ҳаттоки, ҳар йили 8 март байрамига бағишлаб ўтказилаётган тадбирга тайёргарлик жараёнига ҳам умуман аралашмаётганликларини билдирган. Мукофотга совриндор қизларнинг аллақачон тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги фикрлар қатъий рад этилган. Бундан ташқари, номзод 6-7 нафар қизнинг барча таклифларини ўрганиш ва келгусида амалий натижа кўрсаташга келишилган.
Яъни булар:
Эндиликда таълим, фан ва жамоатчилик йўналишларида 25 ёшдан баланд хотин-қизлар қатнаша олади. Негаки, илм-фан соҳасида бирор ютуққа эришиш учун етарлича билим ва малака кераклиги, мактаб ёшидаги қизларнинг бу йўналишларда амалий жиҳатдан имкони йўқлиги таъкидланган. Шунинг билан бирга, илм билан шуғулланаётган қизлар учун Зарифа Саидносирова номидаги мукофот ёки танлов ўтказиш таклиф этилган ва бу Элмира Боситхонова томонидан маъқулланган.
Қолаверса, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилганидан буён ўтган 20 йил ичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманлар кесимида мукофотга сазовор бўлмаган туманлар ўрганилиши ва мана шу ҳудудларга кўпроқ эътибор қаратилиши лозимлиги ҳақидаги таклиф ҳам ўринли деб топилган. Ишчи гуруҳ бу масалага алоҳида ёндашиши белгиланган.
Юзма-юз, очиқ-ойдин кечган суҳбат раҳбар аёлларнинг ҳаётий синовларни бошдан кечиргани, турли тўсиқларга дуч келганлари ва уларни қандай ениб ўтганликлари — хуллас дардкашона руҳдаги самимий мулоқот майдонига айланган. Энг муҳими, қизлар тинглаган, хулосаларолган ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этишган.

Асосий Янгиликлар

Сиёсат

Технология